A+
A-



Пайзуллаева Раъно Маҳмудовна

10-11 ёшларида шеърлар машқ қила бошлади. Унинг “Ҳумо қушим” номли илк шеъри 5-синфда ўқиб юрганида туманда чоп этиладиган “Навбаҳор тонги” газетасида босилиб чиқди. Раъно 7-синфдалигида Республика миқёсида ўтказилган “Иқтидорли болалар” слётининг туман, вилоят босқичларида 1-ўринни эгаллаб, Республика босқичида фаол иштирок этиб қайтди. Раъно бу каби анжуманларда мунтазам қатнашиб, доимо олий ўринларни қўлга киритди ва бир неча бор Республика халқ таълими вазирлиги, Республика ўқувчилар саройининг фахрий ёрлиғи ва совғаларининг совриндори бўлди.2000 йил у ўрта мактабнинг 9-синфини аъло баҳоларга тугатиб, 2000-2003 йиллар давомида НДПИ ҳузуридаги академик лицейда таҳсил олди.
Пайзуллаева Раъно Маҳмудовна 2003 йил Навоий давлат педагогика институти Ўзбек филологияси факультетига ўқишга кирди. Раъно ўзининг хулқи, одоби, тиришқоқлиги, илмга чаққонлиги билан ажралиб турди. У институтда ўқиш жараёнида факультет ўқувчилари ва талабаларининг ишончига сазовор бўлди. Унинг илмсеварлиги, фанларни аъло ўзлаштириши ҳамда самимий ва тўғрисўзлиги алоҳида эътиборга лойиқ эди. Институт ва факультетда ташкил этиладиган турли адабий-бадиий кечаларни уюштириш, бошловчилик қилишда маҳоратини кўрсата олди. Навоийнинг 564-565-йиллик таваллуди муносабати билан ташкил этилган “Навоийхонлик” кечалари, Усмон Носир, Зулфия, Ойбек каби шоир ва шоираларимиз таваллудига бағишлаб ўтказилган тадбирларнинг бошловчиси ва иштирокчиси, 14 январ – Ватан ҳимоячилари куни, 8 март – Халқаро хотин қизлар байрами, “Балли қизлар”, “Санамлар сарвари” каби қизиқарли кечаларни ташкил этишда ўзининг ташаббускорлиги, сўзга чечанлиги, яхшигина сухандонлигини намоён этди. Пайзуллаева Раъно Республика миқёсида талабалар ўртасида ўтказилган турли танловларда мунтазам иштирок этиб келди. 2005 йил факультет талабалари ўртасида ўтказилган “Ёш тилшунос” танловида, мустақилликнинг 14 йиллигига бағишлаб олийгоҳ талабалари ўртасида бўлиб ўтган “Мен Ватанни севаман жондан” шеърият танловида, “Ўзбекистон санъати ва маданияти форуми” жамғармаси ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ўтказилган “Келажак овози” мега танловида ва шу каби кўпгина танловларда доимо олий ўринларга сазовор бўлиб келди. 2006 йил июль ойида “Биз-Президент фарзандларимиз” шиори остида ўтказилган Республика ёш ижодкорларининг Х анъанавий Зомин семинар-кенгашида қатнашиб, Ватан ҳақидаги энг гўзал шеър соҳибаси деб топилди. Мустақиллигимизнинг 15 йиллигига бағишлаб Навоий вилоят “Қизилқум” телевидениеси томонидан ўтказилган “Ўзинг менинг улуғлардан улуғимсан, Ватаним!” шеърият танловида ўз ижоди билан иштирок этиб, фахрли 1-ўринни қўлга киритди. Раъно Пайзуллаеванинг илмий фаолияти ҳам эътиборлидир. У матбуотда тез-тез чиқиш қилиб келмоқда. “Дўстлик байроғи” вилоят газетасида, институтда чоп этиладиган “Муаллим” газетасида хабарлари, турли мавзулардаги мақолалари; “Гулхан”, “Санам”, “Тенгдошлар” журнали, “Тонг юлдузи”, Туркистон“, “Дўстлик байроғи”, “Муаллим” газеталарида шеърлари мунтазам чоп этилиб турибди. Шунингдек, доимий равишда Олий таълим муассасаларида бўлиб ўтадиган илмий-амалий конференцияларда ўз илмий мақолалари билан қатнашиб келади. Уни тилшунослик борасида етук изланувчан деб аташ мумкин. Сабаби, Раънонинг этимология бўлими бўйича газета ва илмий журналларда чоп этилган “Сингил терминининг генезиси ҳақида”, лексикология бўлими бўйича “Сўз хусусида сўз”, “Морфологик услубият муаммолари”, “Доно халқнинг доно фикрлари”, “Ибн Сино асарларида тарбия ва тил” каби ўнлаб мақолалари ҳозирги ўзбек адабий тили учун ўта муҳим ва зарурийдир. Пайзуллаева Раъно Маҳмудовна 2007 йил НДПИнинг Ўзбек филологияси факультетини имтиёзли диплом билан тамомлаб, шу йили магистратура бўлимига ўқишга кирди. 2009 йил эса магистратура бўлимини тамомлаб, ўзбек тили магистранти даражасига эга бўлди.Пайзуллаева Раъно Маҳмудовна ўз иш фаолиятини 2007 йилда Навбаҳор енгил саноат касб-ҳунар коллежида ўқитувчиликдан бошлади. Ўзига талабчанлиги, билимдонлиги, ташаббускорлиги билан коллеж ўқитувчилари ва ўқувчилари орасида ҳурмат қозонган. Ўз дарсларини янги педагогик технологиялар асосида ноанъанавий тарзда ташкил этиши билан ҳам ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келмоқда. “Болага дўстона муносабатдаги мактаб яратиш” номли услубий қўлланмаси коллежда ва туман коллежларида оммалашган. Шеърларини тўплаб чоп эттирган “Кўнгил мавжлари” шеърий тўплами ўз мухлисларига эга. Мана 5 йилдирки, ўзбек тили ва адабиёти фанидан талабаларга илм бериб келмоқда. У коллежда “Зулфияхоним қизлари” тўгараги раҳбари ҳамдир. Раъно ўқитувчи сифатида ўқувчиларга таълим берибгина қолмай, тадқиқодчи ва шоира сифатида ҳам тинмай ижод қилиб келмоқда. Унинг мақолалари, шеърлари туман, вилоят, республика матбуотларида мунтазам чоп этилиб келинмоқда. Пайзуллаева Раъно Маҳмудовна 2012 йил март ойида Низомий номидаги ТДПУнинг Малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсида ўз малакасини ошириб, ўқув машғулотларидаги фаоллиги ҳамда кириш ва чиқиш тестларида юқори балларни қўлга киритгани учун фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
Пайзуллаева Раъно ҳозирги кунда Навоий давлат кончилик институти академик лицейининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.
Таълим муассасасида мазкур вазифада 2013 йилдан буён ишлаб келмоқда.
Пайзуллаева Раъно Махмудовна ўз фаолияти давомида ўқувчи ва лицей педагогик жамоаси орасида ўзига хос мураббий, устоз сифатида танилди. Эгаллаб турган лавозимидаги иши давомида у ўзини фақат ижобий томондан кўрсатди: ҳалол, ишчан, тиришқоқ, изланувчан ва ижодкор педагог. Ишга виждонан муносабатда бўлади, жамоа ва ўқувчилар ўртасида обрў қозонган.
Пайзуллаева Раъно Махмудовна ўз меҳнат фаолияти давомида 30 дан ортиқ илмий мақолалари халқаро ва республика миқёсида чоп этилган.
2019 йил Ломоносов номидаги Москва давлат университети билан ҳамкорликдаги “Профессиональное становление личности ХХI века в системе непрерывного образования: теория, практика и перспективы” мавзусида ўтказилган Халқаро конференцияси материаллари тўпламида “Амир Темур даврида Буюк ипак йўлидаги давлатлараро алоқалар” номли мақоласи чоп этилган.
2019 йил Навоий давлат педагогика институти Амир Темур таваллудининг 683 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Миллатнинг дардига дармон бўлиб” илмий-назарий конференциясида “Амир Темурга йўл кўрсатган пирлар” номли мақоласи чоп этилди.
2019 йил Навоий давлат педагогика институтининг “Глобаллашув шароитида ўзбек тили ва ўзга тиллар муносабати: Муаммо ва ечимлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференциясида “Ватаннинг юксак бадиий талқини” мақоласи чоп этилди.
2020 йил Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси тасарруфидаги “Илм сарчашмалари” илмий журналида “Достонда бадиий тафаккур жилолари” номли мақоласи чоп этилган.
2020 йил Олий аттестация комиссияси тасарруфидаги “Сўз санъати” халқаро журналида “Ватанпарварлик, миллий ғурур туйғуларининг бадиий ифодаси” номли мақоласи чоп этилган.
2020 йил Навоий вилоят “Алишер Навоий нодир меросининг тарғибот маркази” томонидан “Китобхонлик маданиятини юксалтириш: Муаммо ва вазифалар” мавзусидаги республика илмий-амалий конференциясида “Шеърият кўнгилни поклайди” номли мақоласи чоп этилди.

Пайзуллаева Раъно Махмудовна Филология фанлари доктори, профессор А. Холмуродов раҳбарлигида “Сирожиддин Саййид ижодида Ватан образининг поэтик талқини” мавзусида мустақил тадқиқотчи сифатида илмий изланиш ҳам олиб бормоқда.
2020 йил Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий Аттестацияси Комиссияси БЮЛЛЕТЕНида “Сирожиддин Саййид ижодида Ватан образининг поэтик талқини” илмий мавзуси тасдиқланди ва эълон қилинди.
Пайзуллаева Раъно Махмудовна ўз фаолияти давомида тўплаган тажриба ва маълумотларга асосланиб, бир неча услубий қўлланма ва услубий тавсиялар ҳам яратган. “Фонетика бўлимини ўқитишда интерфаол усуллардан фойдаланиш” ва “Морфемика бўлимини ўқитиш” каби услубий қўлланма ва тавсиялари ёш ўқитувчилар ва ўқувчиларга яқиндан ёрдам бериб келмоқда.
Р. Пайзуллаева иқтидорли ўқувчилар билан тинимсиз меҳнат қилиши натижасида ўқувчилари фан олимпиадалари ҳамда турли хил танловларда етакчи ўринларни эгаллади. Хусусан,
2019 йил ўқувчиси Ғайбуллаев Қувончбек умумтаълим фан олимпиадасининг II шаҳар босқичида ғолибликни қўлга киритиб, вилоят босқичида иштирок этди.
2020 йил ўқувчиси Рўзимуродова Зебинисо умумтаълим фан олимпиадасининг II шаҳар босқичида ғолибликни қўлга киритиб, вилоят босқичида қатнашиш имкониятини қўлга киритди.
“Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достони”, “Абдулла Орипов шеърияти”, “Миртемир ҳаёти ва ижоди”, “Сўзларни қўшиб ёзиш, ажратиб ёзиш ва чизиқча билан ёзиш услубияти” мавзуларида очиқ дарслари ўқитувчилар учун методик тавсия бўлди.
Таълим муассасаси жамоаси уни турли маънавий-маърифий тадбирлар, китобхонлик ва шеърхонлик кечалари, шунингдек қизиқарли фан тадбирлари ташкилотчиси сифатида танийди.
Ўқувчиларининг юқори кўрсаткичларга эришганлиги учун таълим муассасаси маъмурияти томонидан ўтказилган “Энг фаол гуруҳ раҳбари”, “Энг ижодкор ўқитувчи” каби кўрик-танловларда ғолиб бўлиб, “Фахрий ёрлиқ”лар билан тақдирланган.
Пайзуллаева Раъно Маҳмудовна меҳнат фаолияти давомид 200 нафардан ортиқ ўқувчиларни олий ўқув юртларига тайёрлаган. Ҳозирги кунда бу шогирдлар Республикамизнинг бир қанча олий ўқув юртларида таълим олмоқда.
Пайзуллаева Раъно Маҳмудовна ҳамкасблари орасида самимийлиги, ростгўйлиги, хушмуомалалиги билан эътибор қозонган. Унинг меҳнатлари таълим соҳасида эътироф этилиб келинмоқда.
2019 йил академик лицейда таълим сифатини ошириш, илғор, ташаббускор ва фидойи ўқитувчиларни аниқлаш мақсадида ташкил этилган танловда фаол иштироки учун Навоий кончилик институти БКУҚ раисининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, ахборот технологиялари ва китобга қизиқишни ошириш бўйича бешта муҳим ташаббус доирасида ўтказилган танловни юқори савиядаўтказишда кўмаклашгани учун Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи шаҳар кенгаши раиси Х. Ҳакимов томонидан “Ташаккурнома” билан тақдирланди.
2019 йил “Ёш китобхон” республика танлови Навоий вилоят босқичини ўтказишдаги амалий кўмаги учун Ўзбекистон “Ёшлар иттифоқи” Кенгаши томонидан ташаккурнома билан тақдирланди.
2020 йил 21 октябр “Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун” муносабати билан ташкил этилган “Она тилим - ифтихорим” республика танловида иштирок этиб фахрли 3-ўринни қўлга киритди.

2021 йилда “Кўп йиллик фидокорона меҳнати, баркамол авлодга таълим-тарбия беришга қўшган ҳиссаси учун” Навоий давлат кончилик институти ректори Қ.Санақулов томонидан фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
Пайзуллаева Раъно Махмудовна ўқитувчилик ва илмий фаолияти билан бирга ижодкор шоира ҳамдир. Унинг Ватан, она, табиат, дўстлик, инсонийлик ва ҳаётни тараннум этувчи шеърлари ўз мухлисларига эга. Пайзуллаева Раъно Махмудовнанинг шеърлари ва публицистик мақолалари шаҳар, вилоят, республика газета ва журналларида, тўпламларда чоп этилиб келинмоқда.
Пайзуллаева Раъно Маҳмудовна севимли оила бекаси, 2 нафар фарзандни одоб-ахлоқли инсонлар этиб вояга етказмоқда.
Пайзуллаева Раъно Маҳмудовна таълим муассасасида меҳнат қилиш жараёнида ўзининг ўқувчи-ёшларга билим беришда, тарбиялашда, уларни ҳар томонлама камол топтиришда фаол иштирок этиб, моҳир устозлигини тинимсиз меҳнати билан намоён этиб келмоқда.
Муаллиф:info,  Кушилган сана: 01.05.2021,   Кўрилган: 9   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.